“Ўзбекнефтгаз”: “Қарши нефть базаси”да куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

 Аввалроқ,  “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли нефть базаларида шаффофликни таъминлаш мақсадида, базаларда хизмат кўрсатишни назорат ва мониторинг қилиш учун автоматлаштирилган тизими жорий қилиш ишлари бошлаб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

 Айни пайтда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, “Қарши нефть базаси” МЧЖ ва унинг филиалларида 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
 
 
 Жумладан, “Қарши нефть базаси”да 4 дона  РВС 400 куб метр  сиғими тозаланиб, 10 дона РГС 75 куб метр сиғими бўёқланди. 458 метр ҳар хил диаметрли технологик қувурлар, 12 дона технологик қувурлар устидан ўтиш металл кўприклари ҳам қайта таъмирдан чиқди ва соз ҳолатда эканлиги текширувдан ўтказилди. 

 Шу вақтгача база ва унинг филиалларидаги нефть маҳсулотларини тушириш темир йўл эстакадалари, автоёнилғикашларга ёнилғи қуйиш автоэстакадалари, идишлар омборхоналари ва насосхоналарининг том қисми юмшоқ битум ёпмаси ҳолида турган эди. Ҳозирда уларнинг томи замонавий профнастил билан қайта ёпилди. 
 
 
 “Қарши нефть базаси”  маъмурий биноси эски қозонхона ёрдамида кўп ёқилғи ва энергия сарфлаб, қиш мавсумида иситиб келинган. Ҳозирда бинодаги эски иситиш тизими тўлиқ демонтаж қилиниб, янги замонавий энергия тежамкор электр қозонларига алмаштирилди.

 Шунингдек, “Қарши нефть базаси”МЧЖнинг Шаҳрисабз, Косон, Китоб, Яккабоғ филиалларидаги  жами 9 дона сиғимлар, 794 метр технологик қувурлар эски бўёқдан тозаланиб, оқ эмалга янгидан тўлиқ бўяб чиқилди. 
 
 
 Мазкур филиаллардаги нефть маҳсулотларини тушириш темир йўл эстакадалари ва насосхоналаридаги мавжуд ускуна ва жиҳозлар, лаборатория бинолари, автоёнилғикашларга мўлжалланган автосаройлар ва трансформаторлар қайта таъмирдан чиқарилди.  Ўт ўчириш қалқонлари қайта жиҳозланди. Ишчи-ходимларнинг дам олиш  хоналарида ҳам зарур шароитлар яратилди. 

 “Ғузор филиали”да  ҳудудга  кириш қисмида назорат ўтказув пункти биноси қурилиб, ишга туширилди.