“Ўзбекнефтгаз”: Устюртдаги конлардан қазиб чиқарилаётган табиий газ ва суюқ углеводородлар ҳажми ортди

 “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Устюрт газ қазиб чиқариш” бошқармасидан магистрал газ қувурларга узатилаётган табиий газ сифатини O’z Dst 948:2016 талабларига мос келиши таъминланди ва суюқ углеводородлар қазиб чиқариш миқдори кўпайтирилди.
 
 
 Бошқарма тасарруфидаги конлардан табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб чиқариш миқдорини кўпайтириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари томонидан табиий газ қазиб чиқариш конлари, газ етказиб беришга мўлжалланган шлейф ва коллекторларнинг ҳолатлари ўрганиб чиқилди.

 Бундан ташқари газ коллекторларининг босимлари, босимлар бўйича ҳозирги кундаги фарқлар, технологик суюқликларни газ коллекторларида йиғилиб қолиши мумкин бўлган жойлар назоратдан ўтказилди.

 Шунингдек, “Арслон”, “Шарқий Бердақ” ва “Шимолий Бердақ” конларидаги қудуқлар ва технологик қурилмаларнинг иш режимлари ҳам ўрганиб чиқилди. 

 “Шарқий Бердақ” конига қарашли газни комплекс тайёрлаш 1,2,3,4-технологик қурилмалари ва турбодетандир агрегатларининг технологик режимларига ўзгартиришлар киритилди.

 Кондаги 1 ва 4 қурилмалардаги иссиқлик алмашиниш апаратининг айланма қувурларида (байпас) фойдаланилаётган жиҳозларнинг носозликлари бартараф қилиниб, кунлик 10 тоннагача суюқ углеводородлар ажратиб олишга эришилди. 

 “Устюрт газ қазиб чиқариш” бошқармасига қарашли конлар ва иншоотлар маъмурий жиҳатдан Қорақолпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида, тектоник жойлашуви Устюрт минтақасида жойлашган.

 Бошқарма тасарруфида, ҳозирги кунда 7 та газконденсатли конлар, 1 та “Газни дастлабки тайёрлаш” ва 3 та “Газни мажмуавий тайёрлаш” ҳамда 3 та “Сиқув компрессор станцияси” мавжуд. 

 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

  

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|