“Ўзбекнефтгаз”: Корпоратив кредит рейтингини олиш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда

Бош саҳифаРусский


 Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий юксалиши ва эл-юрт фаронлигининг ошишида мазкур мамлакатдаги табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. 


 Таъдиклаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


 Шу жумладан, давлат раҳбари томонидан ёқилғи-энергетика тармоғини комплекс ривожлантириш ҳамда энергия ресурсларига тобора ошиб бораётган эҳтиёжни таъминлашнинг муҳим омили бўлган энергия манбаларини диверсификация қилиш бўйича ишларга алоҳида урғу берилмоқда. 


 Буларнинг тасдиғи ўлароқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖни халқаро етакчи нефть-газ компаниясига айлантириш борасида давлат раҳбари томонидан қабул қилинган 2019 йил 9 июлдаги ПҚ–4388-сон “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сон “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари мисол бўлади. 


 Мазкур меъёрий ҳужжатларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорлик қилиш ва жамият фаолиятини халқаро нефть-газ компаниялари тажрибаларига мувофиқ трансформация қилиш, шу жумладан, 2021 йил 1 апрелга қадар 2019–2020 йиллар учун молиявий ҳисоботларни халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари (IFRS) асосида тайёрлаш ҳамда халқаро кредит рейтингларини олиш вазифаси юклатилган. 


 Маълумотнома: Компанияни трансформация қилиш – бошқарувнинг қуйидаги тўрт асосий элементи: 1) ташкилий тузилма; 2) бизнес-жараёнлар; 3) ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги; 4) персонал ва корпоратив маданиятни қамраб оладиган компания стратегиясининг жиддий ўзгаришидир. 


 Юқоридаги белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан етакчи рейтинг агентликлари кўмагида корпоратив трансформация ва халқаро корпоратив рейтинг олиш бўйича фаол ишлар бошлаб юборилган.


 Бугунги кунга келиб, “S&P Global Ratings” ва “Fitch Rating” компаниялари иштирокида узоқ муддатли кредит рейтингини дастлабки аниқлаш ва ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда. 


 Кредит рейтинги – бу компаниянинг облигациялари ёки қатъий даромадлиги белгиланган бошқа инвестиция инструментларини сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун инвестор томонидан қўлланилиши мумкин бўлган қатор дастаклардан бири ҳисобланади. 



 Кредит рейтинглари эмитентларга (қимматбаҳо қоғозларни чиқарувчи компания), қарз мажбуриятларига ва шунингдек банк кредитларига нисбатан белгиланади. 


 Инвесторлар ва молия бозорининг бошқа иштирокчилари кредит рейтингидан баҳолаш инструменти (дастаки) сифатида фойдаланишлари мумкин. Унинг ёрдамида у ёки бу инвестициявий қарорлар қабул қилишда эмитентлар ёки қарз мажбуриятларининг нисбий кредит рискини ўзининг мақбул риск даражасига мослиги ёхуд ушбу кредит рискларни аниқлашда ўзининг қабул қилинган қоидаларига тўғри келиши билан солиштириши мумкин. 


 Зеро, кредит рейтингини олиш – “Ўзбекнефтгаз” АЖга компаниянинг инвестицион жозибадорлигини, корпоратив бошқарувнинг шаффофлигини ошириш, еврооблигацияларнинг дебют масаласи орқали қарз капитали бозорларига кириш имконини беради ва молиялаштириш манбаларини диверсификациялашда ёрдам беради. 


 Албатта, кредит рейтинги олиш бу тез ва бир жараёнда бўладиган ҳодиса эмас. Бунинг учун компания фаолиятининг кўрсаткичлари халқаро стандартларга мос равишда ҳисобланган бўлиши талаб этилади.


 Такрорлаш жоизки, ушбу талабларнинг аксарияти бугунги кунда  “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга ошириб келинмоқда, жумладан, МҲХС асосида тайёрланган 4 йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботлар халқаро аудит стандартлари (ХАС) талаблари бўйича “Ernst&Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан аудит ўтказилди, ер ости углеводородлар захираси дунёдаги машҳур “DeGolyer&MacNaughton” халқаро консалтинг компанияси томонидан PRMS тизимига мувофиқ баҳоланди.


 Тизимдаги корхоналар узоқ муддатли активларининг ҳаққоний қиймати “KPMG” халқаро баҳоловчи компания томонидан баҳоланди, жамиятнинг уч йиллик молиявий модели “Ernst&Young Advisory” консалтинг компанияси томонидан тайёрланди, жамиятда “KPMG Advisory” компаниясининг кўмагида комплаенс ва молиявий назорат тизими йўлга қўйилди.


 “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти компанияни жаҳондаги етакчи нефть-газ корхонасига айлантириш мақсадида, трансформация қилиш ишларида қатор ҳалқаро молиявий ва юридик консультантлар ҳамда рейтинг агентликлари билан яқиндан ҳамкорликни давом эттириш стратегиясини амалга ошириб боради.


“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати


#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш


|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|