“Ўзбекнефтгаз”: “Дояхотин” конида янги табиий газ Йиғув пункти ва газни заводга етказувчи қувурлар ўрнатилди

Бош саҳифаРусский


 “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида углеводород хомашёси қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда Республика аҳолисини табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 


 

 Хусусан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Дояхотин” конидан олинаётган табиий газ миқдорини ошириш учун қўшимча янги Йиғув пункти  ва  диаметри 426 мм ли қувурларни ўрнатиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.


 Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишдан мақсад, ушбу кондан қазиб олинаётган табиий газни узатишда қувурларда юзага келаётган сиқилишларнинг олдини олиш ҳамда янги бурғиланган қудуқларнинг самарадорлигини яхшилашдан иборат.

 

 “Дояхотин” кони 2004 йилда ишга туширилган бўлиб, шу пайтга қадар кондаги 21 та қудуқдан қазиб чиқарилаётган табиий газ битта Йиғув пункти орқали Ø426 мм ли газ қувури йўналиши билан “Учқир” мажмуасига узатиб келинган.


 Янги қурилиб фойдаланишга топширилган  Йиғув пунктига эса 21 та қудуқ алоҳида уланган. Пунктга йиғилган табиий газ янги ўрнатилган қувурларда “Қулбешкак” конининг Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси орқали “Газли” газни қайта ишлаш заводига етказилади.

 

 Натижада, “Дояхотин” конидан қазиб олиниб, қурилмада қайта ишланган газни сифатли ҳолатда заводга етказилишига, шунингдек, газ қазиб чиқариш ҳажмини кунлик 200 минг куб метрга кўпайтиришга эришилди.


 Қурилиш-монтаж ишлари “Жанубгазқурилиш” АЖнинг қурилиш ва пайвандлаш жамоаси томонидан амалга оширилди.


“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати