“Ўзбекнефтгаз”: “Ernst and Young” иштирокидаги операцион самарадорликни ошириш лойиҳаси янги босқичга кўтарилмоқда (Фото)

 Жорий йилнинг 2 июль куни видеоалоқа тизими орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖда ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш” лойиҳаси ишчи гуруҳининг назорат йиғилиши ўтказилди.
 
 Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда углеводород хом ашёсини қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнида юзага келадиган йўқотишларни бартараф этишдир.
 
 Назорат йиғилиши “Ernst and Young Advisory”  компанияси (Буюк Британия) маслаҳатчилари иштирокида ташкил қилинган бўлиб, унда Шўртан нефть ва газни қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилиши кутилаётган пилот дастур, “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарида режалаштирилган ташаббуслар реестри, лойиҳага янги аъзоларни жалб қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.

 Йиғилиш мобайнида ишлаб чиқариш ускуналарини аҳамияти жиҳатидан категориялаш, икки йиллик таъмир циклига ўтиш, моддий-техник ресурслар қолдиғини камайтириш, номувофиқликларнинг туб илдизини аниқлаш ва бартараф этиш амалиётини жорий этиш, ишончлиликни ошириш тизимини яратиш, динамик ускуналар ва назорат-ўлчов асбобларининг такрорий ишдан чиқиш ҳолатларига йўл қўймаслик каби масалалар бўйича келгусидаги ишлар белгилаб олинди.  

 Конструктив руҳда ўтган йиғилиш натижаларига кўра, Шўртан нефть ва газни қазиб чиқариш бошқармасида пилот дастурига старт бериш ва ишчи гуруҳни ушбу дастурга мобилизация қилиш тўғрисида келишиб олинди. 
 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати


|veb-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|