И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Минтақавий филиали очилди

Печать

2017 йил 3 декабрда Қарши шаҳрида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (ИТУ) пойтахтимиздаги филиалининг Минтақавий тайёрлов бўлими очилиши маросими бўлиб ўтди. Ушбу Минтақавий бўлим Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори ҳамда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (ИТУ) ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ ташкил этилди. Тайёрлов бўлими энг замонавий техника ва ўқув-услубий материаллар билан таъминланган. Уни яратиш қарори барча талабалар ҳам тайёрлов курсларини пойтахтда ўтиш имконига эга эмасликлари сабабли қабул қилинди. Ушбу замонавий ўқув майдонини яратиш учун мазкур минтақа танлаб олинганлиги бежиз эмас. Қашқадарё вилояти нефть ва газ конларига ҳамда доимо юқори малакали мутахассисларга катта эҳтиёж мавжуд бўлган корхоналарга бой минтақа ҳисобланади.

Қашқадарё Минтақавий бўлимининг очилиш маросимида сўзга чиққан И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (ИТУ) халқаро ишлар бўйича проректори, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (ИТУ) Тошкент шаҳридаги Филиали директори А.Ф.Максименко — «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Қарши шаҳрида минтақавий тайёрлов бўлимни очиш борасидаги ташаббуси мамлакатнинг етакчи тармоғи учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги жуда муҳим қадамдир», — деб таъкидлади. Тажрибали мутахассислар томонидан рус тилини ўрганиш бўйича уч ойлик тайёрлов курслари учун 120-соатли ўқув дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ўқув курсларига олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг 38 нафар ўқитувчилари жалб қилинди. Рус тилини ўрганиш истагини билдирган 2 мингдан ортиқ номзодлардан танлаб олинган 810 нафар ўқувчилар тўғрисида электрон маълумотлар базаси яратилди. Якуний имтиҳонларни топшириш натижалари бўйича тингловчилар И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (ИТУ) Тошкент шаҳридаги филиалига ўқишга киришлари мумкин бўлади.

Бугунги кунда 2007 йилнинг январ ойида ташкил топган И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (ИТУ) Тошкент шаҳридаги филиали республиканинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси — умумэътироф этилган жаҳон стандартлари ва ўқув дастурлари асосида мамлакатнинг нефтгаз ва нефтгазкимё тармоғи учун юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборат.

Сўнгги ўзгартириш: 03.12.2017 11:30