Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Жиззах вилоятида энг замонавий нефтни қайта ишлаш мажмуаси барпо этилади

2017 йил 8 сентябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган конференция Жиззах вилоятида янги нефтни қайта ишлаш мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масаласига бағишланди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга ва энг замонавий халқаро экологик ва фойдаланиш талабларига жавоб берадиган, ҳар томонлама рақобатбардош нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган.    

Тадбир «Ўзбекнефтгаз» Акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган бўлиб, унда ушбу жамиятнинг «Нефтгазинвест» МЧЖ, «ЎзЛИТИнефтгаз» АЖ, «Jizzakh Petroleum» МЧЖ қўшма корхонаси каби таркибий бўлинмалари ҳамда мазкур лойиҳада қатнашаётган «Enter Engineering Pte Ltd», «Hyundai Engineering Co Ltd», «Amec Foster Wheeler» каби шерик-компаниялар иштирок этдилар.

Анжуман давомида нефтни қайта ишлаш мажмуасининг имкониятлари ва завод қиёфасининг тақдимоти ўтказилди. 

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан нефтни қайта ишлаш мажмуаси учун технологияларни танлаш нақадар муҳимлиги тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. 

Мамлакат саноатини модернизациялаш, янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, ички ва ташқи бозорларда юртимизда ишлаб чиқарилган товарларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича ўтказилаётган кенг қамровли ишларни ҳисобга олган ҳолда, янги нефтни қайта ишлаш мажмуаси ўзининг геосиёсий аҳамияти бўйича ўта муҳим қурилиш сифатида эътироф этилмоқда.

2017 йил 27 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Жиззах вилоятида янги замонавий нефтни қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш ишларига старт берилди. Янги мажмуа йилига 5 млн. тонна нефти қайта ишлаш қувватига эга бўлади.  

Ушбу жараён илғор технологиялар, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари ва экологик меъёрларга бўлган юқори талабларни эътиборга олган ҳолда амалга оширилади.  

Конференция иштирокчилари таъкидлаганларидек, Жиззах НҚЗ ишга туширилиши мамлакатнинг база тармоғини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади. 

Янги мажмуанинг афзаллиги шундаки, унга Россия ва Қозоғистондаги конлардан етказиб берилаётган хом ашё нефть қувури орқали узатилади. 

Маълумки, Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувурининг тармоқларидан бири Жиззах вилояти яқинидаги ҳудудгача ўтказилган. Шу ердан янги мажмуагача узунлиги атиги 100 км га тенг қувур ўтказилиб, бу билан мажмуани энг кичик харажатлар эвазига хом ашё билан таъминлашга имкон яратилади. Лойиҳа доирасида қозоғистонлик шериклар узунлиги 168 км га тенг нефть қувурини реконструкция қиладилар ҳамда насос станциялари ва техник иншоотларни қуриб берадилар.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, корхона йилига 5 млн. тонна нефтни қайта ишлаб, «Евро-5» стандартига мос 3,7 млн. тонна мотор ёқилғиси, 700 минг тоннадан ортиқ авиацион керосин ҳамда суюлтирилган газ, мазут, битум ва юқори талабга эга бўлган бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради.

Заводни қуриш ишлари «Jizzakh Petroleum» қўшма корхонаси ва Бош Пудратчи - «Enter Engineering Ltd» компанияси ва унинг шу каби корхоналарни барпо этишда катта атжрибага эга бўлган шериклари билан биргаликда олиб борилмоқда.

Мажмуани лойиҳалаштиришда иштирок этаётган «Amec Foster Wheeler» (Буюк Британия) етакчи халқаро компанияси углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни ҳисобга олиб, заводнинг энг оптимал қиёфасини ишлаб чиқмоқда.  

Шу билан бирга, «Wood MacKenzie» (Буюк Британия), «Nexant» (АҚШ) ва «Argus» (Буюк Британия) каби етакчи маслаҳатчи компанияларни жалб қилган ҳолда, маркетинг тадқиқотлари олиб борилмоқда. 

Корхона саноат усулида ишга туширилгандан сўнг бу ерда 2000 та янги иш ўринлари яратилади. Нефткимё тармоғидаги ҳар бир иш ўрни турдош соҳаларда бир неча иш жойларини яратади. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши сари иқтисодиётнинг мазкур сегментлари учун янги истиқболлар очилмоқда. Бундан ташқари, ушбу нефтни қайта ишлаш мажмуаси электр энергияни катта ҳажмда истеъмол қилувчи ва йирик ҳажмдаги юкларни жўнатувчи корхонага айланади, бу эса ўз навбатида мамлакат иқтисодиётининг энергетика ва транспорт соҳалари янада ривожланишига қўшимча туртки беради.  

Бу саъй-ҳаракатлар янги Ҳаракатлар стратегиясининг: минтақаларни комплекс ва мувозанатлаштирилган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан оптимал ва самарали фойдаланиш, экспорт таркиби ва географиясини диверсификациялаш, экспорт маҳсулотлар ўрнига чуқур қайта ишланган маҳсулотлардан фойдаланиш каби тамойилларига бутунлай мувофиқдир.

Сўнгги ўзгартириш: 14.09.2017 12:18

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech