Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

«Ўзбекистон нефти ва гази – OGU - 2017» 21-чи Халқаро кўргазма ва конференция кундалиги

17 май куни «Ўзэкспомарказ» МКМ ОАЖ кўргазма майдонларида «ЎЗБЕКИСТОН НЕФТИ ВА ГАЗИ — OGU — 2017» 21-чи Халқаро кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон нефтгаз тармоғининг 25-йиллигига бағишланди. Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ўринбосари Ғуломжон Иномович Ибрагимов жаҳон углеводородлар бозорининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, ҳамкорларнинг самарали ўзаро ҳаракат қилишнинг янги амалий механизмларини белгилаш учун сермаҳсул майдонга айланган ушбу форумнинг юксак аҳамиятини алоҳида эътироф этди. Жорий йилги кўргазмага Австрия, Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Индонезия, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Нидерланды, Норвегия, Польша, Россия, Сингапур, АҚШ, Туркия, Франция, Чехия, Швейцария, Жанубий Корея каби 28 мамлакатдан ташриф буюрган 178 компаниялар фаол иштирок этмоқда.

Бугун куннинг иккинчи ярмида «Ўзбекистон Нефти ва Гази» 21-чи Халқаро конференциянинг очилиши бўлиб ўтди. Жорий йилнинг мавзуси — «Ўзбекистон Нефтгаз индустрияси янада юксалиши учун ривожланишнинг муҳим истиқболлари». Анжуманда 400 нафар делегатлар қатнашмоқда. Уларнинг чиқишлари Ўзбекистон нефтгаз индустриясини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари; дунёдаги энг самарали амалиёт мисоллари; Ўзбекистонда геологик қидирув ишлари, нефтни қайта ишлаш ва нефткимё соҳалари ривожланиши истиқболларига бағишланган масалаларни қамраб олган. Анжуман давомида йирик компаниялар, халқаро уюшмалар, ассоциациялар, савдо палаталари ва халқаро молия корпорациялар раҳбарлари маъруза қилдилар.

Бугуннинг ўзида форумнинг сермазмун дастури доирасида ҳукуматимиз ва «Ўзбекнефтгаз» МХК раҳбариятининг жаҳондаги етакчи компаниялар раҳбарлари билан юқори даражадаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу жараёнда «Газпром», «General Electric», «SOCAR», «ЛУКОЙЛ», «КазМунайГаз», «КОГАЗ», «РЭП Холдинг» ва бошқа машҳур компаниялар билан икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Форумнинг интеллектуал майдонида ёш олимларнинг «Нефгаз тармоғининг истиқболларига замонавий нигоҳ» мавзусига бағишланган илмий-амалий сессияси бўлиб ўтмоқда. Тошкент кимё-технологик институти, Губкин номидаги Россия Давлат нефть ва газ Университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ёш мутахассислари умумий мажлисларда Ўзбекистон нефтгаз секторини ривожлантиришга доир долзарб масалаларни ҳал қилишда ёшлар ролини муҳокама қилмоқдалар.

«Ўзбекнефтгаз МХК куни» Махсус дастури ҳам нефтгаз тармоғининг 25 йиллигига бағишланди. Тадбир доирасида «Тандирда тайёрланган мўъжиза» пазандалик шоу-тадбири бўлиб ўтди. «Ўзэкспомарказ» МКМнинг очиқ майдонида ўзбек ҳунармандлари томонидан кўркам нақшлар билан безатилган учта анъанавий тандир ўрнатилди. Миллий таомларнинг моҳир ошпазлари, машҳур уста ошпаз Бахриддин Чустий бошчилигида, бу тандирларда ажойиб миллий таомларни тайёрладилар.

«Ўзбекистон нефти ва гази — OGU — 2017» 21-чи Халқаро кўргазма ва конференция эртага ўз ишини давом эттиради.

Сўнгги ўзгартириш: 24.05.2017 19:23

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech