Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Шўртан ГКМ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирмоқда

2017 йил 3 апрель куни«Ўзбекнефтгаз» МХК Илмий-техника кенгаши Ҳайъатининг навбатдан ташқари кенгайтирилган ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир давомида Шўртан газкимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича инвестицион лойиҳанинг янги Концепцияси муҳокама қилинди. Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг илмий маслаҳатчилари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Президенти, ИТК Ҳайъати раиси ўринбосари, ЎзР ФА академиги Бехзод Юлдашев, ЎзР ФА академиклари Сайибжан Негматов, Сайёра Рашидова, Машҳура Мавлоний; ҳамда А.Султанов номидаги ЎзКФИТИ «Катализаторлар ва адсорбентлар технологияларини ишлаб чиқиш» лабораторияси мудири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Мирахмат Юнусов; Компания ва унинг таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.   

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши заводнинг полимерларни ишлаб чиқариш қувватлари ҳозирги 125 минг тоннадан 500 минг тоннагача, яъни 4 баравар ортишига имкон беради. Натижада нефткимё тармоғини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилади. Лойиҳада қимматбаҳо хом ашё – синтетик нафтани қайта ишлаш ҳамда полиэтилен ва полипропиленнинг янги турларини ўзлаштириш кўзда тутилган.  

Олимларнинг фикрича, GTL синтетик нафтани олефинларни ишлаб чиқаришга, кейинчалик эса полимерларнинг янги турларини ҳосил қилишга йўналтириш бўйича таклиф этилаётган ечим ундан энг самарали фойдаланишни таъминлашга имкон беради. 

Шунингдек, йиғилиш давомида мамлакатнинг етакчи тармоғи учун янги имкониятларни яратаётган лойиҳани рўёбга чиқаришнинг амалий механизмлари, технологик жиҳатлари ва иқтисодий жозибадорлиги муҳокама қилинди

Йиғилиш қатнашчилари лойиҳа самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилган тавсияларини тақдим этдилар ва ушбу лойиҳани янги Концепция форматида ҳаётга татбиқ этиш ва Қашқадарё вилоятида технологик кластерни барпо этиш юзасидан киритилган таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Сўнгги ўзгартириш: 04.04.2017 15:36

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech